Тошкентда метро поезди техник носозлик сабаб яна тўхтаб қолди

Tошкент метрополитени «Чоштепа» бекатида поездларнинг белгиланган вақтдан кечикиши кузатилгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 6 декабрь санаси соат 08:55 лар атрофида «Чоштепа» бекатидан ҳаракатланиши лозим бўлган 8-сонли ҳаракат таркиби поездда кузатилган техник носозлик туфайли ҳаракатлана олмаган. Бунинг натижасида эса ортидан келаётган 14-сонли ҳаракат таркиби бекат банд бўлгани сабабли, бекат кириш светофори олдида 5 дақиқа вақт мобайнида тўхтаб турган.

Носозлик кузатилган ҳаракат таркибидаги йўловчилар бекат платформасига туширилган ва бу ҳаракат таркиби 09:02 да текширув йўлаги томон юборилган.

«Ҳозирги вақтда йўналишдаги поездлар белгиланган жадвалга асосан ҳаракатланмоқда. Келтирилган ноқулайлик юзасидан йўловчилардан узр сўраймиз», — дейилади муносабатда.