Таиландда 22 ёшли ўзбекистонлик шаршарадан пастга қулаб вафот этди
Таиланд жанубида 22 ёшли ўзбекистонлик Aбдуллоҳ Соипов эҳтиётсизлик оқибатида тик шаршарадан пастга қулаб, ҳалок бўлди.
Маълум қилинишича, Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган 7 кишилик сайёҳлар гуруҳи маҳаллий диққатга сазовор жойларни кўриш учун Пхукетдан Таиланднинг жанубидаги Ранонг вилоятига йўл олишган. Улар учта мотоцикл ва битта машинани ижарага олган.
Шаршарага етиб келинган пайт гуруҳ аъзоларидан бири, 22 ёшли Aбдуллоҳ Соипов пиёда юриш йўлагидан чиқиб, манзарани тепадан суратга олиш учун ўз-ўзидан тошлар устига кўтарилган. У поябзалсиз бўлганлиги учун тошлар устида сирпаниб кетган, деган тахминлар мавжуд.
Жабрланувчининг дўстлари зудлик билан қутқарувчилар ва шифокорлар гуруҳини чақирган. Лекин йигит ҳаёт учун хавфли бўлган оғир бош жароҳати туфайли вафот этган.
Маълумот учун, аввалроқ Таиланд туризм ва спорт ишлари вазири Пхукет оролига шахсан ташриф буюриб, ҳудуднинг чет эллик сайёҳларни қабул қилишга қанчалик тайёрлигини баҳолаганди.
Шунингдек, Таиланд Паттаясида ўзбек аёллари қулликдан қутқарилгани хабар қилинган эди.