Бош прокурор ўтган 2 йилда 166 нафар банк мансабдори муҳтожларга ажратилган маблағларни талон-торож қилганини айтди

Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Ўзбекистонда ўтган икки йилда банкларнинг 166 нафар мансабдор шахси коррупциявий жиноятларни содир этгани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Йиғилишда банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

«Халқ банки ва ‘Микрокредитбанк’да бошқарув раиси лавозимларида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган. Хусусан, муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни амалда бошқариш учун 18 нафар шахслардан иборат уюшган гуруҳ фаолиятини йўлга қўйишган.

Уюшган гуруҳ 2019 йил сўнгги 9 ойида қарийб 732 миллиард сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 миллиард сўмга яқин бюджет  маблағини талон-торож қилган. 215 миллиард сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 миллион доллар нақд пулга айлантирилиб,  хорижга олиб чиқиб кетилган. Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 миллиард сўм солиқ тўловларидан ҳам бўйин товлаган», — дейди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Бундан ташқари, фуқаро Э. Халқ банки бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биноси қурилишини олиб бораётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида 5,5 миллиард сўмлик банк маблағини талон-торож қилган.

«Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда эса ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 миллион сўмлик мебель жиҳозларини 273 миллион сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 миллион сўмлик бинони 4 миллиард 700 миллион сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган. Ҳозирда Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган

Шунингдек, «Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредит маблағларидан 378 миллион сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.

Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинаётганлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари банк мансабдор шахслари томонидан талон-торож қилинган.

Янгиликлар