Ўзбекистонда Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси бериш тартибининг низоми тасдиқланди
Ўзбекистонда 6 ноябрь куни ҳукуматнинг тегишли қарори билан Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.
Ушбу стипендия давлат ОТМларининг 7 йўналишида таълим олаётган 3—4-курс талабаларига тайинланади
Хабарга кўра, давлат стипендияси республика давлат оилй таълим муассасаларининг қуйидаги йўналишлари бакалавриат босқичининг охирги икки курсида таълим олаётган талабаларига тайинланади:
- дастгоҳли рангтасвир;
- рангтасвир (турлари бўйича);
- графика ва миниатюра;
- ҳайкалтарошлик (турлари бўйича);
- амалий санъат (турлари бўйича);
- дизайн (турлари бўйича);
- санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича).
Давлат стипендияси Бадиий академия томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига асосан тайинланади.
Маълумот ўрнида, Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси Президентнинг 2020 йил 21 апрелдаги 4688-сонли қарори билан таъсис этилган.
Аввалроқ Жомбойда «Ҳоким стипендияси»ни ташкил этиш таклиф қилингани ва Пешкуда мактаб ўқувчилари учун «Депутат стипендияси» жорий этилгани ҳақида хабар қилинганди.