Пешкуда мактаб ўқувчилари учун «депутат стипендияси» жорий этилди

Бухоро вилояти Пешку туманида мактаб ўқувчилари учун «депутат стипендияси» жорий этилди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳмонов 2020/2021 ўқув йилида Пешку туманидаги 41-умумтаълим мактаби ўқувчилари учун «депутат стипендияси»ни жорий этган. Ушбу стипендия кимё-биология йўналишидаги фан олимпиадаларининг республика босқичи ва халқаро олимпиадаларда нуфузли ўринларни қўлга киритган 3 нафар ўқувчига берилади.

Шунингдек, Шерзод Раҳмонов кимё-биология йўналишида олий таълим муассасасига шартнома асосида қабул қилинган иқтидорли мактаб битирувчисининг шартнома пулининг ярмини тўлаб беришини маълум қилган.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида кимё ва биология йўналишларида имтиёзли дипломга эга талабалар магистратурага имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар