Ўзбекистон ОТМларида кимё ва биология йўналишларида имтиёзли дипломга эга талабалар магистратурага имтиҳонсиз қабул қилинади

Ўзбекистонда 2021 йилдан ҳар 2 йилда бир маротаба олий таълим муассасалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадалари ўтказилади. Бу ҳақда Президентнинг «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида айтиб ўтилган.

Олимпиада ғолибларига бир марталик мукофот берилади ва улар тегишли мутахассисликлар бўйича олий таълим муассасалари магистратурасига давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади. Олий таълим муассасаларининг кимё ва биология таълим йўналишлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда кимё ва биология фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари мактаб битирувчи синф ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) — вилоят — ОТМ) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказади ва 1—3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларни ўз маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилади.

Олий таълим муассасаларининг кимё ва биология таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга бўлган битирувчилари мазкур олий таълим муассасасининг магистратурасига қўшимча имтиҳонларсиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Олий таълим муассасаларининг кимё ва биология мутахассислигини аъло баҳолар билан тамомлаган магистрларни таянч докторантурага ОТМ кенгаши қарори асосида имтиҳонларсиз тўғридан-тўғри квота доирасида қабул қилиш тартиби жорий қилинади.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани ҳақида хабар берилганди. Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.

Янгиликлар