Шавкат Мирзиёев Бухородаги Конгресс-холл ва меҳмонхоналар қурилиши билан танишди

Қиймати 60 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Конгресс-холл мажмуаси ва замонавий меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечирди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар сони изчил ўсмоқда. 2025-йилда бу кўрсаткич 2016-йилга нисбатан қарийб олти баробар, туризм хизматлари экспорти эса ўн бир карра ошди. Шу билан бирга, мамлакатимизда йирик халқаро тадбирлар ўтказиш учун замонавий инфратузилмага талаб ортиб бормоқда.

Мажмуа шаҳарнинг ана шундай тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятини кенгайтиради. Конгресс-холл форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманларни ўтказишга хизмат қилади.

Қиймати 60 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино қурилмоқда. Ҳозирда асосий бетонлаштириш ишлари якунланиб, ташқи муҳандислик тармоқларини тортиш, фасад ва том қисмларини барпо этиш давом этмоқда.

Шу ҳудудда 37 миллион долларлик Hilton Garden Inn меҳмонхонаси ҳам қад ростламоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхонада ер ости автотураргоҳи кўзда тутилган. Бинонинг асосий конструкциялари қуриб битказилган, ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.

 

Яна бир лойиҳа – 39,6 миллион долларлик Hilton Inn меҳмонхонаси. Бу иншоот ҳам етти қаватли, 212 хонали бўлади, ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам барпо этилмоқда. Меҳмонхонада том монтажи ва ички деворлар қурилиши, бизнес маркази ертўласида эса бетонлаштиришнинг якуний босқичи кетмоқда.

Давлат раҳбари объектлардаги ишлар билан танишиб, улар Бухорода халқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш, туризм хизматлари кўламини кенгайтириш учун муҳимлигини, бу эса аҳоли даромадларини ошириш ва ҳудуд иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Қурилиш ишларини белгиланган муддатда, сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда якунлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ўзбекистон