Тошкентда қозоғистонлик ёш футболчилар заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилинди

Жами 19 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Шифохонада 17 киши, жумладан 11 нафар бола ва олти нафар катта ёшлилар қолмоқда

Қозоғистонлик ёш футболчилар ва делегациянинг катта ёшли вакиллари заҳарланиш белгилари билан Тошкентда шифохонага ётқизилинди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 1 ноябрь куни элчихонага Қарағандадан келган Dostlik Cup 2026 халқаро футбол фестивали иштирокчилари орасидаги болалар ва катталарнинг заҳарлангани ҳақида маълумот келиб тушган.

Жами 19 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ҳозирги вақтда 5-сонли шаҳар клиник юқумли касалликлар шифохонасига 17 киши, жумладан 11 нафар бола ва олти нафар катта ёшлилар ётқизилган. Барча жабрланганларнинг аҳволи барқарор, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Қозоғистон элчиси шифохонага ташриф буюриб, даволаниш жараёни билан танишди ва жабрланганларнинг ота-оналари билан учрашди.

Вазият, шунингдек, Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Альназарова ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Отабек Имамовнинг шахсий назоратида.

Зарур ёрдам кўрсатишга Тошкент тиббиёт академияси профессорлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари ҳамда бошқа соҳа экспертлари жалб этилган.

Ўзбекистон