Алишер Усмонов Германия судида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришди — Die Welt
Германиянинг нуфузли Die Welt нашри Алишер Усмоновнинг Европа Иттифоқига қарши суд жараёнида эришган муҳим ҳуқуқий ғалабаси ҳақида мақола эълон қилди

Нашр маълумотига кўра, Европа Иттифоқи 2022 йилда Усмоновга нисбатан санкциялар жорий этишда етарлича тасдиқланмаган маълумотларга таянган. Бизнесмен ушбу айбловларни суд орқали рад этишга ҳаракат қилган, бироқ Германиядаги айрим давлат идоралари қарийб уч йил давомида унинг даъвосини Европа Иттифоқи Кенгашига етказишга тўсқинлик қилган.
2026 йил 21 октябрда Германия Федерал олий суди мазкур ҳаракатларни ноқонуний деб топиб, Усмоновнинг суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқи бузилганини тасдиқлади.
Die Welt таъкидлашича, ушбу қарор Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган 3000 дан ортиқ шахс учун муҳим ҳуқуқий прецедентга айланиши мумкин. Хусусан, санкцияларга асос бўлган айбловларнинг ҳаққонийлигини миллий судларда баҳслашиш имконияти кенгайиши эҳтимол қилинмоқда.
Маълум қилинишича, Усмонов 2026 йил сентябрь ойида Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилган. Бироқ унга нисбатан билдирилган айрим айбловлар ҳанузгача расмий интернет саҳифаларида сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, суд қарори санкцияларнинг қонунийлигига эмас, балки Усмоновнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилинганига тааллуқли экани қайд этилмоқда.





