Қорақалпоғистонда 22 та газ тўлдириш шохобчасига нархларни оширганлик учун жарималар қўлланилди
Шохобчалар бир вақтда 1 м³ сиқилган газ маҳсулоти амалдаги нархига нисбатан ўртача 1050 сўмгача оширилиб сотилгани аниқланган

Рақобат қўмитаси томонидан Қорақалпоғистондаги 22 та газ тўлдириш шохобчасида рақобатга қарши келишилган ҳаракатлар юзасидан молиявий жарималар қўлланилди
Қўмитага келиб тушган фуқаро мурожаати асосида Нукус шаҳрида фаолият юритаётган 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги нархлар юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Нукус шаҳрида фаолият юритаётган юқоридаги шохобчаларда бир вақтда 1 м³ сиқилган газ маҳсулоти амалдаги нархига нисбатан ўртача 1050 сўмгача оширилиб сотилгани аниқланган.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси қўмита Махсус комиссияси томонидан ушбу хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси талаблари, яъни рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилганлиги юзасидан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунида белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида. Махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган айрим (9 та) субъектлар томонидан судга мурожаат қилинган, Суд томонидан қўмита қарорларининг қонунийлиги яна бир бор тасдиқланган.





