Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида миграция марказларини очишни топширди
2027 йилда 10 минг нафар кишини касб-ҳунарга ва немис тилига ўқитиш, сўнгра уларни Германияда иш билан таъминлаш режалаштирилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига «Intil» тиллар ва касб-ҳунарларга ўқитиш халқаро маркази тажрибасини ўрганиш ва келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказларини очишни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу мақсадда ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Келаси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш белгиланди.
Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак, — деди президент.
Шу мақсадда келаси йил мактаб ва техникумларда немис тилидан дарс бериш учун 500 нафар тил эгаси жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини келаси ўқув йилидан икки карра ошириш топширилди.
Германия, Япония ва Кореянинг йирик компаниялари ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдирмоқда. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларини жиҳозлашга сармоя киритишга ҳам тайёр.
Президент бир ойда 20 та техникумни танлаб, келгуси йилдан уларни хорижлик иш берувчилар талаби асосида кадр тайёрлашга мослаштиришни топширди.





