Тошкентда қозоғистонлик ёш футболчиларнинг заҳарланиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Соғлиқни сақлаш вазирлигида таъкидланишича, болаларнинг аҳволи меҳмонхоналардан бирида нонушта қилганидан сўнг ёмонлашган

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга Қозоғистондан келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигида маълум қилишларича, жорий йил 1-ноябрь куни футбол мусобақасида иштирок этиш учун Қозоғистондан мамлакатимизга келган 20 нафар бола ва уларнинг яқинлари Тошкент шаҳридаги меҳмонхонада нонуштага ярим қовурилган тухум ва сосиска истеъмол қилган.
Шу куннинг ўзида уларнинг 13 нафарида қайт қилиш, ич кетиш, қоринда оғриқ ва тана ҳароратининг кўтарилиши каби белгилар кузатилган. Шундан сўнг улар тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келинган.
Бу ерда уларга зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, сўнг беморлар 5-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасига ўтказилган. 2-3-ноябрь кунлари яна 7 нафар киши ҳам юқоридаги белгилар билан ушбу тиббиёт муассасасига олиб келинган.
Ўтказилган текширувлар асосида шифохонага келтирилган жами 20 нафар бола ва уларнинг яқинларига «ўткир диарея» дастлабки ташхиси қўйилди. Уларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даволаш муолажалари олиб борилди.
Ҳозирда 2 нафар кишига уйига рухсат берилди. Қолган 18 нафар беморнинг аҳволи барқарор, қониқарли. Реанимация бўлимида даволанаётган беморлар йўқ. Беморлар юқори малакали шифокорлар кузатуви остида бўлиб, уларни даволаш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 276¹³-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.





