Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаган тадбиркорлар жарима суммасининг қанча миқдорини олиши очиқланди

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаган тадбиркорлар жарима суммасининг 25 фоизини олиши мумкин. Бу хақда Вазирлар Маҳкамасининг НҲҲЛМ порталида мухокамага қўйилган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойихасида қайд этилди.

Таклиф этилаётган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, қуйидагилар тасдиқланиши кутилмоқда:

  • Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларни ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Электрон аукцион савдоларига қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи)ни белгилаш тартиби.

Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ҳамда тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жарималар суммаси қуйидагича тақсимланади:

а) Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасининг:

  • 25 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 25 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига;
  • 20 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 10 фоизи – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш марказига «Хавфсиз шаҳар» концепциясини тўлақонли жорий этиш учун йўналтирилади.

б) Тадбиркорлик субъектларига тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасининг:

  • 30 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 25 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 25 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

Янгиликлар