Самарқанд халқаро аэропорти халқимизнинг фахри ва ифтихори манбаига айланувчи маскан бўлади

Enter Engineering Бош директорининг саноат ва фуқаролик объектлари қурилиши бўйича ўринбосари Рустам Ҳайдаров «Самарқанд» халқаро аэропортининг қурилиши жараёни тўғрисида сўзлаб берди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда халқаро туризм изчил суръатларда ривожланиб бормоқда. 2020 йилда БМТ қошидаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти туризм ривожланиши суръати бўйича Ўзбекистон дунёда тўртинчи ўринни эгаллаб турганини маълум қилди. Айрим манбааларда 2017 йилдан 2018 йилгача бўлган бир йиллик даврда Ўзбекистонга халқаро ташрифлар сони 2,8 миллионтадан 6,4 миллионтагача кўпайгани ҳолда 2,3 баробарга ўсгани эътироф этилган. Эътироф этиш жоизки, Самарқандга келувчиларнинг аксарияти Қадимий Ипак йўлидаги ушбу қадимий ва файзли шаҳарда жойлашган тарихий ва маданий ёдгорликларни томоша қилиш истагида бўлган сайёҳлардир. Самарқандда бўлган ҳар бир инсон қадим файласуфлари ва шоирларининг ушбу кентга «Шарқ мусулмон оламининг бебаҳо дурдонаси», дея таъриф беришгани сабабини англаб етгандек бўлади. Самарқанд сайёҳлар учун алоҳида жозибадорликка эгалигидан ташқари мамлакат пойтахти Тошкентни яна иккита тарихий шаҳарлар ҳисобланмиш Хива ва Бухоро билан боғловчи транспорт тугуни сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунингдек, келаси йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитига айнан Самарқанд мезбонлик қилиши кутилмоқда ва шу сабали шаҳарга ташриф буюрувчилар сони янада кўпайиши аниқ.

Ўтган асрнинг 1967 йилида қурилган Самарқанд аэропортининг эски биноси замонавий халқаро стандартларга жавоб беролмай қолгани боис ва шаҳарга ташриф буюрувчилар сони тобора ортиб бораётган бир шароитда уларга муносиб хизмат кўрсатилишини таъминлаш учун 2018 йилнинг ноябрда ойида Самарқанд халқаро аэропортини қайтадан планлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июл ойидаги ташрифидан сўнг ушбу лойиҳа кўлами янада кенгайтирилди. Табиийки, Самарқандда замонавий сайёҳлик марказини, жумладан, янги аэропортни, меҳмонхоналар, конференц-заллар, мавзули хиёбонлр ва бошқа кўнгилочар масканларни ўз ичига олган сайёҳлик марказини яратиш эҳтиёжи юзага келди.

Аэропорт реконструкцияси халқаро терминални модернизациялаш, яна бир замонавий терминални, янги учиш-қўниш йўлакчасини бунёд этиш ҳамда радиолокация тизимларини янгилашни ўз ичига олади. Лойиҳада, шунингдек самолётлар учун 24 та қўноқ жойи ва 700 ўринли енгил автомобиллар тўхташ жойи қурилиши назарда тутилган. Бугунги кунга келиб умумий иш ҳажмининг 80 фоизи бажариб бўлинди. Эндиликда аэропортнинг ўтказувчанлик қобилиятини соатига 350 тадан 1000 тагача ошириш ҳисобига кутилаётган пассажирлар оқимини йилига 460 000 тадан 2 миллионтагача, доимий тартибдаги рейслар сонини эса ҳафтасига 40 тадан 120 тагача етказиш имконияти таъминланади.

Шу ўринда Enter Engineering зиммасидаги барча ишлар коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида амалга оширилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жараёнда ходимларимиз ва ишчиларимизнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини таъминлаш, вирус тарқалишига йўл қўймаслик асосий вазифалардан бирига айланди. Биз шу мақсадда барча ходимларимизнинг вирус хавфи ва ундан сақланиш воситаларидан хабардор бўлишлари учун бир нечта самарали чораларни қўлладик. Шахсий ҳимоя воситаларидан қатъий тарзда фойдаланиш, ходимларнинг тана ҳароратини доимий равишда ўлчаш, гигиеник ва дезинфекциялаш воситаларини оммавий тарзда қўллаш, хавф доирасидаги ходимларни каратин тартибида кузатувга олиш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаш каби чоралар ўз самарасини берди. Жараён давомидаги айрим муқаррар секинлашиш ҳолатларига қарамасдан биз умумий иш графигидан четга чиқмаган ҳолда ишлашга эришдик ва ушбу лойиҳани жорий йил сентябр ойида якунлашни мақсад қилганмиз.

Бутун дунё каби Ўзбекистон ва Самарқанд ҳам ўз эшиклари ва қалбини дунёнинг турли бурчакларидан инсониятнинг янги тарихидаги оғир кечган синовли даврдан кейин юртимизга ташриф буюрувчиларга кенг очишга тайёр. Ажойиб ва улуғвор меъморий ёдгорликлар билан бир қаторда қадимий ва навқирон Самарқандда халқ ҳунармандчилигининг ўнлаб дурдона турлари, жумладан каштачилик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик, наққошлик, кулолчиликка хос анъаналар яхши сақланган. Шаҳар Бутунжаҳон маданий мероси таснифида «Самарқанд – маданиятлар кесишган шаҳар» таърифи билан қайд этилган ва шубҳасизки, у бу номни тарихий ўтмишда қадимий Хитой ва Ғарб ўртасидаги Буюк Ипак йўлининг марказий шаҳари мақомини эгаллаган пайтдан буён муносиб тарзда сақлаб келмоқда.

Эндиликда Самарқандга ташриф буюрувчиларни Мирзо Улуғбекнинг 1444 йилда ёзилган «Зижжи жадиди Кўрагоний» асарига муқояса сифатида очиқ китоб кўринишида бунёд этилган ажойиб терминал қарши олади. Ўз даврида бу китоб 1018 та юлдузнинг жойлашуви ҳақида маълумот берувчи энг мукаммал асар сифатида дунё фалакиётшунослиги илмининг энг муҳим ва илғор ҳужжати ҳисобланган. Қадимий лотин тилига таржима қилинган ушбу асардан Европанинг барча обсерваторияларида асосий адабиёт сифатида фойдаланилган. Терминалнинг том қисмида баъзи юлдузлар туркуми тасвири туширилган юлдузли осмон кўриниши акс эттирилади, осмондан қараганда, айниқса тунги осмонда бу кўриниш жуда ажойиб ва улуғвор манзара касб этади.

Миллионлаб кишилар учун аэропортлар – на фақат ташриф буюрувчилар қаршисида очилувчи эшиклар, йирик иш берувчилар, даромадлар манбаи,  ваҳоланки, тезкор ривожланаётган Янги Ўзбекистон учун бу жиҳатлар ҳам фавқулодда муҳим ҳисобланади – балки қулай ва замонавийлиги билан барча саёҳатчиларга умид ва саргузаштлар завқини бахш этувчи манзил ҳамдир. Биз Самарқанддаги янги Халқаро аэропорт халқимизнинг узоқ йиллар давомидаги фахри ва ифтихори манбаи бўлган масканга айланишига умид қиламиз.

Янгиликлар