Экологлар Билл Гейтснинг экологик инқироз коронавирусдан хавфлилиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлади

«Greenpeace» халқаро иқлим ташкилоти вакили Билл Гейтснинг пандемияни иқлим ўзгариши жараёнига таққослаганига изоҳ берди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Microsoft асосчиси Билл Гейтс глобал иқлим ўзгариши инқирозининг таъсири COVID-19 пандемияси зарарларидан ёмонроқ бўлиши мумкин, деган фикрда адашмаган. Бу ҳақда «Greenpeace» халқаро иқлим ташкилоти Россия бўлими бошлиғи Василий Яблоков «РБК»га маълум қилган.

«Ҳозирда ҳам иқлим инқирози туфайли ҳар йили табиий офатларнинг кўпайиши кузатилмоқда. Бу иқтисодиёт ва инсон саломатлиги учун жиддий салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан, сув тошқини, қурғоқчилик, экинларнинг нобуд бўлиши, инфратузилманинг вайрон бўлиши, бахтсиз ҳодисалар, ёнғинлар кўлами ошиши, ҳавонинг ифлосланиши ва бошқа ҳолатлар. Инсоният иқлимни ўзгартирмоқда, иқлимий катаклизмлар эса бизнинг воқеликни ўзгартирмоқда», — дейди Яблоков.

Гейтс 4 август куни «Пандемия қанчалик оғир бўлса, иқлим ўзгариши ундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин» деб огоҳлантирган. «Бутун дунё  коронавирусни тўхтатиш ва пандемиядан сўнг ҳаёт тарзи аввалги ҳолига қайтиши устида иш олиб бораётган бир пайтда биз ҳам иқлим ҳалокати олдини олиш учун ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак», — деб ёзган эди Microsoft асосчиси ўз блогида.

«Greenpeace» вакили ҳозирда COVID-19 билан курашиш ва пандемия оқибатларини енгиб ўтишга катта эътибор қаратилаётганига қарши эмасигини таъкидлаган. Шунингдек, у COVID-19 муаммоси тезроқ ҳал қилинишига умид қилишини айтган. Aммо инсоният ҳали ҳам иқлим ўзгаришининг хавфли оқибатларини олдини олиш учун етарли ишларни қилмаяпти, деб ҳисоблашини ҳам айтиб ўтган.

«Иссиқхона газлари концентрацияси мисли кўрилмаган даражада ўсишда давом этмоқда, глобал ҳарорат ўсиб бормоқда ва ҳар йили янги ҳарорат рекордларини кўрмоқдамиз. Мамлакатларнинг паст углеродли технологияларга ўтиши етарли эмас. Шу билан бирга, биз ҳозир иқлим ўзгариши салбий таъсирини минималлаштириш ҳақида ўйлашимиз ва COVID-19 ҳолатидаги каби қатъийлик билан ҳаракат қилишимиз керак. Aкс ҳолда, иқлим ўзгариши жуда ҳалокатли бўлади», — дея таъкидлаган Яблоков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Билл Гейтс экологик инқирозни коронавирусдан кўра хавфлироқ деб баҳолагани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар