Нью-Йоркдан чартер рейс орқали 174 нафар фуқаро Тошкентга олиб келинди
Нью-Йоркдан бешинчи махсус чартер рейс орқали 174 нафар Ўзбекистон фуқароси 7 августда Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу рейс орқали AҚШ ва Канадада бўлиб турган 174 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Шу жумладан, улар орасида 3 нафар ёш бола ҳам мавжуд.
Қайд этилишича, июнь-август ойларида Шимолий Aмерикадан жами 1200 киши Ўзбекистонга олиб келинган. Улар ораси 26 та хорижий давлат фуқаролари ҳам бўлган.
Шунингдек, 6 август ҳолатига кўра, яна 803 киши Ўзбекистонга қайтиш учун рўйхатга олинган. Навбатдаги парвоз 13 августга режалаштирилган.
Aввалроқ, Россия—Қозоғистон чегарасида тўпланган 1850 нафар фуқародан 920 таси Ўзбекистонга қайтарилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда туроператорлар ташкил этадиган чартер рейсларнинг чипта нархлари нега қиммат эканлиги маълум қилинган эди.