Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши бўйича қайси фаолият тури оммабоплиги маълум бўлди

Ўзбекистонда 6 август ҳолатига кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 219 931 нафарга етди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилишни рўйхатга олиш — мустақил ишловчиларни расман рўйхатдан ўтказиб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Ўзини ўзи банд қилган шахс 67 та фаолият туридан бири билан шуғулланиши мумкин. Бунинг учун фақатгина «Soliq» мобил иловасида ёки cолиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали — my.soliq.uz’да хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтиш лозим.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 6 август ҳолатига кўра, ўзини ўзи банд қилганлар сони 219 931 нафаргача ўсди. Ҳудудлар кесимида бу қуйидагича:

Самарқанд вилояти — 33 230;

Наманган вилояти — 25 341;

Бухоро вилояти — 22 599;

Тошкент шаҳри — 22 005;

Фарғона вилояти — 18 740.

Динамиканинг кўрсатиши бўйича, ўзини ўзи банд қилганлар учун мавжуд 67 турдаги фаолият туридан маиший хизматлар соҳаси (сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари) энг талабгири бўлиб турибди — 60 684 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Таъкидланишича, аксарият ҳудудлар аҳолиси қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича хизматлар (чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалик ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда томорқа эгаларига ёрдам бериш) соҳасига қизиқиш билдирган. Бу соҳада 46 845 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Шунингдек, саноат йўналиши бўйича хизматлар (ёғоч меъморчилиги, сантехника хизмати, электр монтаж ишлари, макулатура, пластик идиш, темир терсак тўплаш ва қўшимча хомашё тўплаш) соҳасида 37 901 нафар шахс хизмат кўрсатишни афзал кўрган. Ижтимоий йўналишлар бўйича хизматлар (уйда репетиторлик қилиш, болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш, уй хўжалигини юритиш, хоналарни тозалаш, халқ табобати) соҳасида ҳам юқори кўрсаткич — 36 662 нафар шахс ўзини ўзи банд қилган.

Бундан ташқари, рўйхатга олишнинг дастлабки кунлариданоқ халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (нон, уйда поп-корн, музқаймоқ, салатлар, салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш) мамлакатда энг оммабоп йўналишлардан бири эканлиги маълум бўлган — 34 277 нафар фуқаро рўйхатдан ўтган.

Шу билан бирга, ахборот-коммуникация йўналиши (ижтимоий тармоқлардаги фаолият, дастурий таъминот, мобиль иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш, матнни яратиш ва ишлов бериш) бўйича эса 3 546 нафар шахс хизмат кўрсатмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Наманганда иш ўринлари ҳаққонийлигини мунтазам кузатиб бориш мақсадида электрон дастур жорий қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар