Самарқандда ака синглисига SMS ёзган йигитни уриб ўлдирди (фото)
Самарқанд вилояти Иштихон туманида 4 август куни фуқаро Ш.Й. ва Н.Б. ўртасида жанжал юзага келган. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 4 август куни соат 14:00 да Иштихон тумани “Халқобод” маҳалласида 34 ёшли Ш.Й. ҳамқишлоғи 27 ёшли Н.Б.га телефон қилиб, синглиси 18 ёшли М.Д.га нима мақсадда СМС хабар жўнатиб, тинчлигини бузаётганлигини сўраб, яшаш уйи орқа томонида ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал давомида фуқаро Ш.Й мушти билан Н.Б.нинг бош соҳасига уриб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда Н.Б. тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Булунғурда бир кунда иккита машина ичидан пул ва телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳақда хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.