Янгиқўрғонда 125 млн сўмлик аёллар кийимларини тегишли ҳужжатларсиз олиб юрган шахс ушланди
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 125 миллион сўмлик аёллар қишки кийимларини олиб юрган шахс ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ҳолат вилоят Божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
Бунга асосан туман ҳудудуда фуқаро Й.A. бошқарувидаги «Spark» русумли автомашина тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Натижада ушбу автомашина салонида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 50 миллион сўмлик 264 дона аёллар қишки кийими борлиги аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Т.О. бошқарувидаги «Damas» автомашинаси ҳам ушбу ҳудудда белгиланган тартибда тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Ушбу автомашинада ҳам тегишли ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 75 миллион сўмлик 358 дона аёллар кийими борлиги аниқланган.
Қайд этилишича, ўтказилган юқоридаги тезкор тадбирлар натижасида аниқланган жами 125 миллион сўмлик 622 дона аёллар кийимлари тезкор суруштирув натижасига кўра фуқаро Й.A.га тегишли эканлиги аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга доир: Aндижонда машинасида ҳеч қандай ҳужжатсиз 500 млн сўмлик кийим-кечак олиб юрган шахс ушланди
Аввалроқ Наманганда 300 миллион сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахс, Фарғонада эса салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак ушлангани маълум қилинган.