Ўзбекистонда дори рекламасини чеклаш таклиф қилинди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати оммавий ахборот воситаларида дорилар рекламасига чекловлар жорий этишни таклиф қилди.

«Шу кунларда «Док-1 Макс» препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани билан боғлиқ вазият барчамизни чуқур қайғуга солди. Бу фожиа мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида муаммоларимизни яққол кўрсатиб берди», дейилади хабарда.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга чақиради:

  • Дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини қайта кўриб чиқиш. Кўплаб дори воситаларини шифокор рецептисиз, дорихоналардан осонгина харид қилишимиз мумкинлиги дорилардан нотўғри фойдаланиш хавфини келтирмоқда;
  • ОАВларда дорилар рекламасига чекловлар жорий этиш. Хусусан, дори воситалари рекламасини фақат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси рухсати билан амалга ошириш. Келгусида ОАВларда дориларининг бевосита рекламасини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқиш;
  • Дори воситаларининг рекламасига оид қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни дори воситалари рекламасига қўйиладиган талабларни бузганлик учун БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи алоҳида норма билан тўлдириш. Оғир оқибатларга олиб келган ҳуқуқбузарликлар (инсон соғлиғига зиён етса, ўлимга олиб келса) жиноий жавобгарликка асос бўлиши керак;
  • Дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сертификатлаш ташкилотлари масъулиятини кучайтириш. Шу мақсадда, Жиноят кодексининг 186-3-моддаси субъектлари қаторига сифатсиз, қалбакилаштирилган ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган дори воситаларини тарқатишга йўл қўйган шахсларни ҳам киритиш;
  • Фармацевтика соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш. Кенг аҳоли манфаатларига дахлдор бўлган фармацевтика саноатига оид ахборотларни бериб борувчи очиқ маълумотлар базасини шакллантириш лозим;
  • Фуқароларнинг замонавий ташхис имкониятларидан фойдаланишини, даволашнинг ягона стандартларига асосланган тиббий суғурта тизимига ўтишини тезлаштириш.

«Юксалиш» ҳаракати тиббиёт муассасалари ва фармацевтика соҳаси институтларини тижорий эмас, балки ижтимоий манфаатларни устувор қўйишларига чақирган.

Янгиликлар