Тошкент вилоятида 5 гектар ерни 1 млн долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 5 гектар ерни 1 миллион долларга сотмоқчи бўлганлар ушланди.

ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасининг хабар беришича, 2022 йил 7 апрель куни ИИВга фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

Ўз аризасида у 3 нафар фуқаро 2008 йилда «LD-TIB-MAHSULOT» МЧЖга Бўстонлиқ тумани «Хўжакент» МФЙ ҳудудидан «Болалар спорт-соғломлаштириш ва дам олиш оромгоҳи қурилиши» учун ажратилган 5 гектар ер майдонини 1.000.000 доллар эвазига сотишга келишиб, олдиндан 50 000 долларни бўнак сифатида сўраётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Маълумотларга кўра, 3 нафар фуқаро уларга нисбатан ерга эгалик ҳуқуқи берилмаган бўлсада, ушбу ер майдонига оромгоҳ қурмасдан 2020 йилда ўзларига тегишли «VISTA GREEN TECHNOLOGIES» МЧЖ балансига ўтказишга эришгани аниқланган.

Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими, Бош прокуратура Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Жараён давомида Тошкент вилояти Зангиота тумани «Эшонгузар» МФЙда жойлашган Нотариал идораси олдида фуқаролар ариза муаллифидан сотилаётган ер учун аванс сифатида 50 000 долларни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ушланган шахслар қамоққа олинган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар