Навоийда 10 га яқин шахс вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилганликда айбланмоқда

Навоий шаҳрида бир неча фуқаро 2008 йилда туғилган қиз билан жинсий алоқада бўлганликда айбланмоқда. Шунингдек, улар орасида ушбу ишни олиб борган терговчи ҳам бор, деб ёзади «Kun.uz».

Аниқлик киритилишича, 2023 йилнинг 4 декабрь куни соат 21:00лар атрофида, Навоий шаҳридаги кўнгилочар боғлардан бирида ишлайдиган 18 ёшли йигитнинг олдига вояга етмаган қиз келади. Улар бироз суҳбатлашганидан сўнг, йигит қизни аттракцион ёнидаги ертўлага олиб боради ва у билан ғайритабиий тарзда жинсий алоқага киришади. Шундан сўнг, ертўлага яна 3-та йигит бирин-кетин кириб келади ва қизни аниқлаб бўлмайдиган манзилга олиб кетишади. У ерда йигитлар қизни бир неча кун ушлаб туриб, вақти-вақти билан уни зўрлашади. Ҳозирда, 6 нафар фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилди, — дейилади хабарда.

2024 йил июнь ойида Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди уч нафар фуқарони Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» банди (илгари жиноят содир этган хавфли шахс томонидан 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш, ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий шаклда қондириш) билан айбдор деб топди.

Яна икки нафари, Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки ғайритабиий шаклда шаҳвоний нафсни қондириш) билан айбдор деб топилди.

Икки айбланувчига 3,5 йил, бири 4,5 йил, яна бири 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, «Kun.uz» хабарига кўра, ушбу ишни тергов қилган Навоий ИИБ терговчиси 2024 йил январь ойида жабрланувчини Тошкентга чақириб, у билан жинсий алоқада бўлган.

Натижада, мазкур иш Навоий вилояти прокуратураси томонидан назоратга олиниб, терговчи ҳам ҳибсга олинган.

Бундан ташқари, қизнинг яна бошқа 5 йигит томонидан зўрланиши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Навоий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 128-1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсни моддий бойлик бериш йўли билан жинсий алоқада бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар