Андижонда хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтакланиши юзасидан расмий маълумот берилди
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Булоқбоши туманида хиёнат қилган эрини излаб борган ҳомиладор аёлнинг калтаклангани айтилган видео тарқалди. Андижон вилояти ИИБ ушбу ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.
Маълум бўлишича, видеотасвирдаги жараёнлар 1 август куни соат 11:20 ларда Булоқбоши тумани «М.Исмоилий» МФЙда содир бўлган. Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида Булоқбоши тумани «Сохибкор» МФЙда яшовчи фуқаро Д.М турмуш ўртоғи Ш.М билан ўзининг «Tico» русумли автомашинасида оёғини шифокорга боғлатиш мақсадида келиб, машинасини тўҳтатган вақтида шу кўчада яшовчи вояга етмаган фуқаро М.Х. унинг машинасига туртилиб кетган. Бундан жаҳли чиққан фуқаро Д.М вояга етмаган М.Х.ни уятли сўзлар билан ҳақоратлаб юборган. Орадан бир оз вақт ўтгандан кейин фуқаро Д.М. ўзининг қилган хатти-ҳаракатлари нотўғрилигини хис этиб, М.Х.дан кечирим сўраш мақсадида унинг яшаш уйига борган вақтида М.Х.нинг онаси М.Ғ. фукаро Д.М. ва унинг турмуш ўртоғи Ш.М.ларни яшаш уйининг олдида уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб юборган.
Бўлиб ўтган ҳолатдан сўнг фуқаро М.Ғ. шу куннинг ўзида фуқаро Д.М.нинг яшаш хонадонига бориб ўзининг жаҳлини жиловлай олмасдан уларни уриб юборганлиги учун кечирим сўраган. Фуқаро Д.М. ҳам ўзининг хатти-ҳаракатлари учун шу куннинг ўзида фуқаро М.Ғ.нинг уйига бориб кечирим сўраган.
Ушбу ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБга ҳеч қандай ариза ва шикоятлар келиб тушмаган.
Аввалроқ Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бюджет маблағини талон-торож қилган ходимлар иши юзасидан изоҳ берилган эди.