Фарғонада маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учради

Фарғона вилояти Бешариқ туманида маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахслар «Lacetti»ни олиб қочиб, ЙТҲга учради. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, Фарғонада 3 август кунидан 4 август кунига ўтар кечаси 23 ёшли А.О. вояга етмаган танишлари 17 ёшли А.Т., 17 ёшли Д.Х. ва 15 ёшли Б.С. билан биргаликда Бешариқ туманида жойлашган яшаш хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Д.Х. ва Б.С. кўчага чиқиб кетган, А.Т. эса хонадон эгаси А.О.нинг ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, «Lacetti» русумли автомашинасини қўриқлов пульти орқали очган. Сўнг яқин атрофда бўлган Б.С. ва Д.Х.ни автомашинага чиқариб, қонунга хилоф равишда олиб қочиб кетган.

Сўнг А.Т. спиртли ичимлик таъсирида ушбу автомашинада Бешариқ туманидаги Яккатут қишлоғи ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чап томонида бўлган дарахтга урилиб тўхтаган.

Оқибатда А.Т., Б.С. ва Д.Х. енгил тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида «Lacetti» русумли автотранспорт воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бешариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. А.Т. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Аввалроқ Марғилонда танишининг 1 миллион сўмлик телефонини фойдаланишга олиб, сотиб юборган фуқаро қўлга олинган эди.

Янгиликлар