Самарқандда олти ой давомида қанча янги корхона ва ташкилотлар рўйхатга олингани маълум бўлди
Самарқанд вилоятида 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 4127 та янги корхона ва ташкилот ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Самарқандда корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотлар базасига асосан 37 019 та корхона ва ташкилот рўйхатга олинган, шундан 34 790 таси фаолият кўрсатмоқда. Ўтган олти ойда вилоятнинг саноат корхоналари томонидан 7 триллион 551,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан саноат ишлаб чиқариш физик ҳажм индекси бўйича 86,4 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан 2 триллион 808 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, жами саноат ишлаб чиқаришдаги улуши 37,2 фоизни ташкил этди.
Маълумот учун, 2020 йилнинг январь—июнь ойларида вилоят бўйича жами 2 триллион 744,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,4 фоизни ташкил қилди. Амалга оширилган қурилиш ишлари мулкчилик шаклига кўра, давлат ва нодавлат шаклига бўлиниб, бажарилган қурилиш ишлари ҳажмида давлат улуши 3,2 фоизни ҳамда нодавлат улуши 96,8 фоизни ташкил қилмоқда.
Аввалроқ Самарқандга 6 ой давомида чет давлатлардан қанча қорамол келтирилгани маълум қилинганди.