Фазлиддин Ғоибназаров қилган овда қонунбузарлик ҳолати мавжудлиги аниқланди

Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаровнинг қуш овлагани акс этган видео ва суратлар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Сирдарё дарёсида кузатилган. Фуқаро томонидан қушлар овланган. Ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар қаторида спортчи Фазлиддин Ғоибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушгани ўз тасдиғини топган.

«Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаронинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтганлиги аниқланди. Бироқ, у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузганлиги ва бу билан табиатга зарар етказганлиги маълум бўлди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасига (ов қилиш қоидаларини бузиш) асосан ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилган.

«Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Янгиликлар