Андижонда туман ҳокими ўринбосари 500 доллар пора билан ушланди

ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Избоскан тумани ҳокими ўринбосари 500 доллар пора олаётганида қўлга тушди.

Таъкидланишича, Избоскан тумани ҳокимининг инвестиция, саноат ва савдо йўналиши бўйича ўринбосари А.К. Катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидан 0,08 га ер майдонини «Э-аукцион»даги савдоларни ёпиқ шаклда ўтказган ҳолда сотиб олиб беришда ёрдам беришини айтиб, эвазига пул талаб қилган. У 7 апрель куни талаб қилинган пуллардан 500 долларини хизмат хонасида олаётганида қўлга тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

А.К. 2022 йилнинг октабр ойидан буён туман ҳокими ўринбосари — туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келган

Янгиликлар