Бухоролик ўқувчи сейфдан 27,6 млн сўм пулни ўғирлади

Бухоро вилояти Жондор туманида касб-ҳунар мактаби ўқувчиси маҳалладошининг хонадонидан 27,6 миллион сўм миқдордаги пулларни ўғирлаб кетди.

Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 11 март куни Жондор тумани Қозоқон маҳалласида яшовчи фуқаронинг уйида содир бўлган. Номаълум шахс ўша куни соат 19:00 дан 23:00 га қадар бўлган вақт мобайнида фуқаронинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги темир сейфни калит танлаш йўли билан очган. Натижада у сейф ичида бўлган 27 миллион 600 минг сўм пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни шу маҳаллада яшовчи, 2006 йилда туғилган, тумандаги касб-ҳунар мактаби 2-босқич ўқувчиси содир этганлиги аниқланган.

«Ҳозирги кунда ушбу шахснинг вилоят ҳудудларида содир этилган бошқа шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Янгиликлар