Тошкентда ёлғон хайрияга пул йиғган аёл ушланди

Тошкентда оғир касал фарзандларни даволаш учун деб ёлғон хайрияга пул йиғган аёл ушланди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилди.

Фото: iiv.uz

Хабарга кўра, 8 февраль куни Украинада Бош мия ўсимтаси касаллиги оқибатида вафот этган боланинг ҳамда шахси номаълум бўлган ва оғир касалликка чалинган икки нафар боланинг фотосуратларини Интернет тармоғидан кўчириб олиб, остига фарзандлари «Комилов Азимжон Абдурауф ўғли», «Машгулотва Гулирано» ва «Маъруфжонов Муҳаммадали Мансуржон ўғли»лар оғир касалликка чалинганликлари сабабли уларни даволаш ва тиббий муолажаларга 10 000 – 20 000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари зарурлигини иддао қилган ҳолда пулни қабул қилиш учун банк пластик карталарини кўрсатиб халқдан ёрдам сўраб, бир қатор ижтимоий тармоқларда жойлаштирган сохта хайрия эълонлари аниқланган.

Қайд этилишича, эълонларда жойлаштирилган касал болаларнинг фотосуратларидан таъсирланган фуқаролар томонидан 5 минг сўмдан 1 миллион сўмгача бўлган пул маблағлари кўрсатилган банк пластик карталарига ўтказилган.

Таъкидланишича, 20 апрель куни Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳудудида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан мазкур ноқонуний ҳаракатни Н.Р. содир этганлиги аниқланиб, унга тегишли бўлган икки дона банк пластик карталари ва смартфон ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Маълум қилинишича, фуқаро Н.Р.га нисбатан 6 май куни Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар