Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов шу ҳафта давлат раҳбарининг иш графигидан ўрин олган тадбирлар ҳақида ахборот берди.

Маълум қилинишича, ҳафтанинг илк кунида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилади.

«Шунингдек, ҳафта давомида соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган», — деди президент матбуот котиби.

Шунингдек, ҳафта мобайнида президент халқаро аҳамиятдаги тадбирларда ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

«Бу ҳафта президентимиз Япония етакчиси ҳамда минтақамиз мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказиши режалаштирилган», — деди Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорга имзо чекиши ҳам кутилмоқда.

Янгиликлар