Мактабларда «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» деб номланган ягона фан ташкил этилади

Мактабларда алоҳида ўқитилган «Она тили» ва «Ўқиш» фанлари бирлаштирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим марказига асосланиб, Qalampir хабар берди.

Фото: marifat.uz

Хабарга кўра, янги дарслик учун танланган матнлар ва шеърлар боланинг ижтимоий ҳаётга киришиб кета олишида кўмаклашадиган, ҳам бадиий, ҳам информатив, ҳам илмий-оммабоп услубдаги матнлардан иборат.

Қайд этилишича, амалдаги дарсликларда тинглаб тушунишни ривожлантириш учун топшириқлар ажратилмаган бўлса, янгисида буни ривожлантириш учун ҳар бир мавзуга алоҳида топшириқлар ишлаб чиқилган.

«Шу пайтгача она тилини ўқитишдан мақсад тилнинг грамматикасини ўргатиш, тил структурасига оид қоидаларни ёд олдириш эди. Янги дарсликда энг муҳим қоидаларгина қолдирилган. Ранг-баранг тасвирлар ва қизиқарли топшириқларга кўпроқ урғу берилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, ўқитувчилар учун «Ўқитувчи китоби», ўқувчилар учун эса «Машқ дафтари» ҳам бўлади.

Таъкидланишича, янги дарсликда уйга вазифалар мавжуд эмас. Нутқий мавзулар асосида изчилликда бир-бирини тўлдирадиган, ўзи изланиб топишга қаратилган ностандарт машқ ва топшириқлар ишлаб чиқилган.

Янгиликлар