Zoom асосчиси коронавирус вакцинаси ҳақидаги янгиликлардан сўнг 5 млрд доллар йўқотди

Видеоконференцалоқа дастурларини ишлаб чиқарувчи «Zoom Video Communications» компанияси акциялари COVID-19 вакцинаси тўғрисидаги янгиликлардан кейин Nasdaq биржасидаги 17 фоиз улушини йўқотди. Компания асосчиси Эрик Юаннинг умумий бойлиги эса 5 миллиард долларга қисқарди, деб хабар берди «Bloomberg».

Фото: «Getty Images»

Таъкидланишича, «Pfizer» ва «BioNTech» компаниялари ўзининг COVID-19 вакцинаси синовининг навбатдаги босқичи муваффақиятли якунланганлиги тўғрисида хабар берган. Шундан сўнг жаҳон биржасида йирик компаниялар котировкаларининг қулаши содир бўлган.

Компаниялар берган хабарга кўра, вакцина синовлар давомида 90 фоиздан юқори самарадорликни намойиш этган. Ҳисобот чиқарилгандан сўнг «Pfizer» ва «BioNTech» акциялари кескин кўтарилиб, асосий фонд индекслари ҳам тез фурсатда юқорилаган.

Шу билан бирга, қатор мамлакатларда карантин чекловларининг юмшатилиши ортидан бир қанча технологик компанияларнинг акциялари ҳам кескин пастлаган. Хусусан,

  • Facebook — 4,99 фоизга;
  • «Amazon» — 5,06 фоизга;
  • «FedEx» — 5,68 фоизга;
  • «Netflix» 8,59 фоизга пастлаган.

Натижада ушбу компанияларнинг йирик акциядорлари бир неча миллиард доллар йўқотган. Шундай қилиб, «Amazon» акцияларининг пасайиши сабабли Жефф Безос 8,94 миллиард ҳамда унинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт 3,27 миллиард долларга зарар кўрган. Facebook асосчиси Марк Цукерберг эса COVID-19 вакцинаси тўғрисидаги хабарлардан сўнг 5,39 миллиард доллар йўқотган.

Шунингдек, «Bloomberg» «FedEx» раҳбари Фред Смитнинг йўқотишларини 250 миллион доллар, «Netflix» раҳбари Рид Хастингсникини эса 416 миллион доллар деб баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, «Zoom» асосчиси Эрик Юаннинг бойлиги 3 cентябрь куни — бир суткада 6 миллиард долларга кўпайганди. Шунингдек, Google ўз ходимларига «Zoom»дан фойдаланишни тақиқлаб қўйгани хабар қилинганди.