Бухоронинг яна бир тумани аҳолиси газ муаммоси сабаб йўлни тўсиб қўйди

Бухоро вилояти Қоракўл туманида 10 декабрь куни газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлган аҳоли намойиш ташкил қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Кадр: Telegram/Иллюстратив

Маълум бўлишича, аҳоли ҳоким ва масъуллар билан учрашиш мақсадида Қоракўл туманидан ўтувчи М-37 халқаро трассани тўсиб қўйган.

«Ҳудудгаз Бухоро» МЧЖ ушбу ҳодисага расмий муносабат билдириб, филиал ходимлари ҳодиса сабабларини ўрганганини таъкидлаган.

Xабарга кўра, Қоракўл туманидаги «Когон» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли «Қоракўл» газ тақсимлаш станстиясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера босими остида табиий газ етказиб бериб келинган.

Газ тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8-2 атмосферага қисқартирилиши натижасида аҳоли хонадонларига табиий газ таъминоти тўхтаб қолган. Бу эса тумандаги Дўстлик ва Қоракўз маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Aйни вақтда ҳудудда газ таъминоти тикланган.

Aввалроқ Бухоро тумани аҳолиси газ муаммоси сабаб аҳоли норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Аниқланишича, 949 та хонадонда 5 минг 610 нафар киши истиқомат қилаётган Работипоён маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда табиий газ босими пасайган.

Мутахассислар буни об-ҳавонинг кескин тушиб кетиши натижасида газ истеъмоли кўпайиши ва оқибатда ҳудуд аҳолисининг аксарият хонадонларида табиий газ босимида муаммолар пайдо бўлганлиги билан изоҳлашган.

Янгиликлар