Ўзбекистонда Сув академияси ташкил этилади

Президентнинг «Сув таъминоти соҳасида малакали ходимларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра, ичимлик ва оқова сув хизматлари соҳасига инновацион технологик ечимлар, илмий асосланган замонавий ёндошувларни жорий этиш ва бу борада малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ягона илмлар маркази ташкил этилади. У Сув таъминоти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш академияси деб номланади.

Қарор лойиҳаси билан бирга, ташкил этилиши кутилаётган академиянинг вазифалари белгиланмоқда:

  • сув таъминоти соҳасини ривожлантиришга зарур бўлган бошқарув, ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш бўйича кадрлар, шу жумладан, ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим, олий таълим ҳамда олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • ҳалқаро олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, ичимлик ва оқова сув соҳасида амалиёт билан узвий боғлиқликда изланишлар олиб бориш, илмий, илмий-педагогик ва илмий-техник кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш, хорижий стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
  • ичимлик ва оқова сув соҳасида олиб борилаётган янги қурилиш, модернизация ва реконструкция қилиш тадбирларида рақамлаштириш бўйича илғор техник ва технологик ечимлар, жумладан SCADA ва геоахборот тизимларидан кенг фойдаланиш, ҳисоб-китоблар ва биллинг тизимида «сунъий интеллект» ва «буюмлар интернети» (internet of things (IoT)) жорий қилиш, оқова сув тизимларига илғор технологияларни тадбиқ қилиш (мембрана ёрдамида тозалаш, сувни ионизация қилиш каби технологиялар, тозаланган сувни қайта ишлатиш), ичимлик сувни сифатини назорат қилиш бўйича илғор технологиялар ва лаборатор изланишларни олиб бориш ва ўқитиш.

Янгиликлар