Карантин даврида Ўзбекистондан хорижга кимлар чиқа олиши маълум қилинди

Карантин даврида Ўзбекистондан хорижга кимлар чиқа олиши маълум қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 15 июндан бошлаб ушбу тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига авиақатновлар орқали Ўзбекистондан чиқиб кетишга рухсат берилди:

даволаниш учун чиқаётган шахслар;

хорижда яқин қариндошлари ёҳуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;

хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари;

ўқиш ёки ишлаш учун чет элга кетаётган фуқаролар.

Қайд этилишича, ушбу тоифадаги фуқаролар мамлакатдан чиқиб кетишга рухсат олиш учун Ўзбекистоннинг тегишли органларига мурожаат қилишлари шарт эмас. Маълумот учун, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистондан четга чиқишига чекловлар мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги хорижий фуқароларнинг визалари муддати автоматик тарзда 2020 йил 1 ноябргача узайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда чартер рейслар субсидиялангани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистонда туроператорлар ташкил этадиган чартер рейсларнинг чипта нархлари нега қиммат эканлиги маълум қилинганди.