Самарқандда фуқаро ботулизмдан вафот этди

Самарқанд вилоятида 5 нафар фуқаро ботулизмга чалинган ва улардан бири вафот этган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 7 февраль куни «Мингтепа» МФЙда яшовчи 20 ёшли И.Э. Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Тиббий текширувлар натижасида унга ботулизм ташхиси қўйилган. Интенсив даво муолажалари ҳамда ботулизмга қарши зардоб берилишига қарамасдан И.Э аҳволи тобора оғирлашиши натижасида 8 февраль куни вафот этган.

Шунингдек, тиббий суриштирув давомида бемор қишлоқдоши А.Т. хонадонида бир кун олдин беш нафар киши билан палов ва уй шароитида тайёрланган консерва (манировка)  истеъмол қилганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, тез тиббий ёрдам машинасида А.Т., унинг турмуш ўртоғи Г.Т., ўғли Ш.Т. ва қўшниси шифохонага олиб келинган. У билан бирга уй шароитида тайёрланган консервадан заҳарланган 4 та бемор реанимация постида стационар шароитда даволанмоқда.

Қайд этилишича, бемор Ш.Т.нинг аҳволи оғир у сунъий нафас олиш аппарати ёрдамида муолажа олмоқда.

Янгиликлар