Мажид Каримов: «Республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилмоқда»

Халқаро пресс клубнинг 12 август кунги олий таълим муассасаларига қабул масалаларига бағишланган сессиясида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов имтиҳонни ташкил қилиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2020/2021 ўқув йили кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун 1 484 085 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган, уларнинг 1 361 000 нафардан ортиғи тест синовларида иштирок этади.

Aввал тайёрланган йирик павилонлар алоҳида талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун республикада шароит бор ҳудудларда имтиҳонларни очиқ ҳавода ўтказиш бўйича тайёргарлик бошланди. Ҳозир бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда.

ДТМ директорининг қайд этишича, Тошкент шаҳрида 15 дан ортиқ стадион ва турли боғлар ўрганиб чиқилиб, Тошкент шаҳрида 1 смена учун 10 000 га яқин жой тайёрланган, 2 та сменада эса 20 000 абитуриент имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Республика бўйича эса бир кунда 100 000 абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилган. Aбитуриентларга тиббий ниқоб, қўлқопдан ташқари бош кийими ҳам тарқатиш режалаштирилмоқда.

«Тест синовлари 2 сентябрдан бошлаб, 14 кун давомида бўлиб ўтади. Aбитуриент тест натижасининг жавобини имтиҳоннинг эртасигаёқ, талабаликка қабул қилинганини эса барча синовлар якунлангандан сўнг бир ҳафтадан кейин билиши мумкин бўлади. Бу ҳақда абитуриент ўз шахсий кабинети орқали маълумот олади», — деди Давлат тест марказ директори.

Aввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонларидаги тест саволлари соддалаштирилиши маълум қилинганди. Қайд этилишича, эндиликда содда саволлар 12 та, ўртача осон саволлар 12 та, 3-даражали мураккаброқ саволлар сони эса 6 та етказилган. Юқори мураккаблик даражасидаги саволлар эса олиб ташланган.

Янгиликлар