Самарқандда 600 га яқин МФЙ биноларининг кадастр ҳужжатлари қилинмаганлиги маълум бўлди

Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига қаратилган навбатдаги муҳокама йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Видеоселектр шаклида ўтказилган муҳокамада маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳамда шаҳар ва туманларда, маҳалла фуқаролари йиғинлари бинолари қурилиши борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги тўғрисида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўз-фикр мулоҳазаларини билдириб ўтган.

Таъкидланишича, бугунги кунда Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманлардаги айрим МФЙлар ўз биноларига эга эмас. Уларнинг айримлари ижарада туриб, фаолият кўрсатаётган бўлса, баъзилари бир хонали бинода ишлашга мажбур бўлмоқда. Бу борадаги ишларда Пайариқ, Иштихон, Нарпай, Тойлоқ туманларидаги аҳвол қониқарли эмас. Шунингдек, вилоятдаги 597 та МФЙ биноларининг кадастр ҳужжатлари қилинмаган, дейилади хабарда.

«Пайариқ туманида 65 та маҳалладан 29 таси, Иштихон туманида 62 тадан 26 таси, Нарпай туманида 56 тадан 23 таси, Жомбой туманида 38 тадан 21 таси, Оқдарё туманида 35 тадан 21 тасида аҳвол қониқарли эмас. Шунингдек, 1097 та маҳалладан 94 таси таълим, тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келмоқда. Вилоятда 270 та маҳаллада компьютер жамланмалари йўқлиги ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги фуқаролар йиғинларининг иш самарадорлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда», — дейди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Хабарда айтилишича, йиғилиш давомида фаолиятида сусткашликка йўл қўяётган МФЙ ходимларига етарлича шароитлар яратишга эътибор қаратмаган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий чоралар кўрилган.

Бундан ташқари, Президентнинг 2020 йилнинг 1 май куни қабул қилинган «Aҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янда кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида вилоятда олиб борилаётган ишлар кўлами таҳлил қилинган.

Шу билан бирга, Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинган. Жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш одамлар кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши таъкидланиб, бу борада тегишли ишларни амалга ошириш юзасидан мутасаддилар олдига вазифалар қўйилган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида кўп йиллардан буён таъмирланмаган кўчага асфальт ётқизилгани ҳамда Хайрулло Бозоров Наманган шаҳри марказидаги айрим кўчалар ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар