Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилишини маълум қилди

Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда. Президент тадбир бошида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, йиғилишда 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклиги айтилди.

Санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади.

Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади.

Шунингек, 17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди. Эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинига олиш ва ундан чиқариш тартибини енгиллаштириш, пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Санитария-эпидемиология хизматига коллектив иммунитет шаклланиш жараёнини мониторинг қилиб бориш учун антитаначалар таҳлилини ўтказишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.

Телевидение ва радиода маданий-маърифий, кўнгилочар кўрсатув ва эшиттиришларни кўпайтириш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда театр, кино, концерт ва бошқа тадбирларни ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

«Карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, барчамиз ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз, илгари йўл қўйган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Худога шукур, ҳаммамиз ҳам етарли тажриба орттирдик. Кўпни кўрган халқимиз жуда катта матонат ва қаҳрамонлик, тиббий маданиятини намоён қиляпти. Темир интизом, қаттиқ чидам ва сабр-тоқат билан биз албатта бу синовларни тез орада енгиб ўтамиз. Мен бунга қатъий ишонаман», – дея таъкидлади Президент.

 

Янгиликлар