Фарғонада танишининг ишончига кириб, 15 млн сўмга «ухлатган» фуқарога жиноий иш қўзғатилди

Фарғона шаҳрида 2019 йилнинг август ойида фуқаро П.Н. таниши М.A.нинг ишончига кириб, 15 миллион сўм пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган, деб хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, фуқаро П.Н танишига биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, фойдани тенг тақсимлашини айтиб, 15 миллион сўм пулини олган. Aммо у берган ваъдасини бажармасдан, алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ҳолат юзасидан 13 август куни Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Aввалроқ Қўқон шаҳрида фирибгарлик жиноятини содир этиб, қидирувда юрган шахс М.A. қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, қўлга олинган шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган ва терговдан яширинган.

Янгиликлар