Сардобадаги талафотдан сўнг «Дўстлик» маҳалласида 92 та уй-жой қайта тикланди

Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори дамбасининг ўпирилиши оқибатида Сардоба туманининг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи аҳоли учун 92 та уй-жой қайта тиклаб берилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Сардоба сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши оқибатида Сардоба туманининг «Қўрғонтепа» маҳаллалари билан бирга ушбу ҳудудларга ёндош жойлашган «Дўстлик» маҳалласи Янги ҳаёт аҳоли яшаш пунктига биринчилардан бўлиб зарар етган. Маҳаллада жами 4729 нафар аҳоли, 715 та хонадон, 867 та оила мавжуд. Ўрганиш натижаларига кўра, яроқсиз ҳолга келган уй-жойлар сони 644 тани ташкил этган. Ушбу хонадонлардаги 804 та оилада 4827 нафар аҳоли истиқомат қилган.

Республика махсус ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳаллада талафот етган объектларни таъмирлаш учун Қорақалпоғистон масъул этиб бириктирилган. Республиканинг 88 та қурилиш ташкилоти ва 1050 нафар қурувчиси томонидан «Дўстлик» маҳалласи Янги ҳаёт аҳоли яшаш пунктида 92 та уй-жой қайта тикланган.

Фото: «Tez News»

«Уйдагилар ухлаб ётганди. Тонгда бир юмуш билан кўчага чиқсам, ҳамма у ердан бу ерга югуряпти. Нима бўлганини билмайман. Aвтоҳалокат бўлганми ёки бошқа нарсами дея, югуриб кириб, болаларимни уйғотдим. Кўчага қаранглар-чи, нима бўлибди, дедим. Бир пайт қарасам, сув омбори очилган, дея бақиришяпти. Войдод, туринглар-туринглар, кетдик-кетдик, дея ҳаммамиз уйдан югуриб чиқиб кетдик. Чиқсак, машиналар, юк машиналари турибди, миндик, ҳеч нарсага қарамай, ҳеч кимга хабар бермай (ҳамма ўзининг оиласи билан бўлиб қолганди) талафотдан узоқроққа кетавердик. 3—4 кун турмуш ўртоғимнинг ошна-оғайнилариникида турдик, 3 ой ижарада яшадик. Худога шукур, ҳозир уйимиз бор. Бу ерга 25 июлда кўчиб кирдик», — дея хотирлайди «Дўстлик» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири Дилфуза Жўраева.

Фото: «Tez News»

Унинг айтишича, талафот пайти ҳеч нарса олиб кета олмаган. Шу сабабли давлат томонидан уларга маиший техникалар учун сертификат ва моддий ёрдам пуллари берилган. Шунингдек, хонадоннинг қўшимча даромадга эга бўлиши учун иссиқхона қуриб берилган.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, ўрганишлар якунига етказилиши биланоқ Давлат хизматлари агентлиги томонидан зарар кўрган фуқароларнинг йўқолган ва зарар кўрган жами 8239 та, шундан 2305 нафар фуқаронинг биометрик паспорти, 714 та хайдовчилик ва 69 та транспорт воситаларни қайд этиш гувоҳномаси, 2767 та туғилганлик, 115 та ўлимни қайд этиш ҳақидаги ҳамда 800 та никоҳ гувоҳномалари тиклаб берилган.

Фото: «Tez News»

«Кўчадаги одамлар ‘колонна’ бўлиб кетяпти. Нима бўлди экан, деб шошиб чиқсам, сув тошқини келяпти дейишди, 8 метр баландликда сув келяпти дейишди. Бу қандай кўргулик дея, оладиган нарсамни олдим-у, йиғлаб-йиғлаб уйимдан чиқиб кетдим. Тошқиндан қочиб, Олтинсавхоздаги боғчада икки қизим билан яшай бошладим. 40 миллион сўм моддий ёрдам пули беришди, маиший техника учун сертификат беришди. Икки ярим ойдан кейин уйимга қайтдим. Янги қурилган уйимни кўриб, роса қувондим, очиғи», — дейди маҳаллада яшовчи аёллардан бири Ойсара Бегматова.

Фото: «Tez News»

Ойсара Бегматованинг сўзларига кўра, илгари ушбу маҳалла аҳолиси табиий газдан фойдаланмаган. Газ қувурлари бўлса-да, газнинг ўзидан дарак бўлмаган. Бугунги кунда эса хонадонларнинг барчаси табиий газ истеъмолчилари ҳисобланади.

Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. ФВВнинг таъкидлашича, ҳалокатнинг биринчи дақиқаларидаёқ Сардоба сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасага жойлаштирилган.

Аввалроқ Сардобадаги 1826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилгани, тошқиндан зарар кўрган 128 та хонадонга биттадан қорамол ажратилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар