«28 нафар бемор реанимацияга олинди» — Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморларнинг аҳволи ҳақида

Коронавирусга чалинган беморларнинг 500 нафардан кўпроғи ўта оғир аҳволда қолмоқда. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Фото: расмий хабарлар

Маълум қилинишича, коронавирусга чалинганлар мамлакатнинг барча ҳудудларда аниқланяпти ва касаллик даражаси ортиб боряпти.

«Бугунги кунда Ўзбекистон шифохоналарида 4 минг 82 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 514 нафари ўта оғир аҳволда, 1 минг 158 нафари эса касалликни оғир ўтказмоқда. Куни кеча, 28 нафар бемор реанимацияга олинган, 21 нафари эса реанимациядан оддий палаталарга ўтказилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланганига уч ойдан ошгани, ҳар бир эмлаш пунктида яратилган шароит туфайли кунига 70 нафар одамни эмлаш имконияти мавжудлиги, бироқ фуқаролар бу имкониятнинг ярмидан фойдаланаётгани таъкидланди.

«Агар аҳвол шу тартибда кетадиган бўлса, оммавий эмлаш ўз самарасини бермаслиги мумкин. Негаки, оммавий эмлаш қачонки қисқа муддатда катта миқдордаги аҳоли эмланса, кўзланган самарасини беради», — деди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 13 июль куни коронавирус билан касалланганлар сони маълум қилинган эди.

Янгиликлар