Мутахассис Ўзбекистонда чартер рейслар нархи нега оддий рейслар нархидан қиммат эканлигини тушунтирди (видео)

«ATLANTA AIR» компанияси бош менежери Алишер Уралов «Tez News»га берган интервьюсида туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётан чартер рейсларнинг нархи оддий рейсларникидан қимматроқ бўлиши сабабларини тушунтирди.

Алишер Ураловнинг таъкидлашича, туроператорлар ва авиакомпаниялар томонидан ташкил этилаётан чартер рейсларнинг давлат рейсларидан қимматлигининг асосий сабаби, биринчи навбатда, авиақатнов амалга ошириладиган давлатнинг талабига биноан бир томонга бўш, яъни йўловчисиз учишдир.

«Шунингдек, ерости ва ерусти аэропорт хизматлари, йўналиш масофаси ва давлатлар кенглиги, яъни самолёт нечта давлат кенглигидан учиб ўтиши, аэронавигацион хизматлар, олиб келинаётган йўловчиларни аэропортдан меҳмонхоналарга олиб бориб жойлаштириш, меҳмонхоналарда мижозларни 10 кун мобайнида 3 маҳал озиқ-овқат билан таъминлаш, қолаверса, карантин муддати давомида 2 марта ПЗР тестларини олиш чипта нархлари қимматлигининг асосий сабабларидир», — дея тушунтирди Алишер Уралов.

Кадр: You Tube

Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини 31 августдан 30 сентябргача хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати эълон қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаши маълум қилинди.