Ўзбекистон сўнгги уч йилда Хитой ва Жанубий Кореядан 5 млрд долларга яқин сармоя ўзлаштирди

Шавкат Мирзиёев Хитой ҳамда Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, Ўзбекистон охирги уч йилда Хитойдан 3,9 миллиард, Жанубий Кореядан 850 миллион доллар сармоялар ўзлаштирилган. Лекин айрим инвестиция лойиҳалари ижроси кечикмоқда.

«Бугун замон ўзгаряпти, талаб ўзгаряпти. Ҳамма тармоқлар таҳлил қилинмоқда. Уларни ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қиляпмиз. Натижа ҳам шунга мос бўлиши керак. Иқтисодий барқарорликнинг кафолати — экспорт ва инвестиция кўрсаткичларини ошириш, — дейди Президент.

Йиғилишда шундай лойиҳалар тармоқ ва вилоятлар кесимида танқидий муҳокама қилинган. Муддатидан ортда қолаётган ёки тўхтаб қолган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, уларни жадаллаштириш ва ишга тушириш чоралари белгиланган. Шу билан бирга, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Хитой ҳамда Жанубий Кореядан тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишни кўзда тутувчи янги лойиҳаларни шакллантириш зарурлиги қайд этилган.

Шунингдек, Хитой ва Жанубий Корея билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги йўналишлар топиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Хитой ва Жанубий Корея билан савдо айланмаси сўнгги 8 ойда салкам 6,5 млрд долларга етгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар