Андижонда сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 млрд сўм сарфланди
Андижон вилоятида сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 миллиард сўм сарфланган. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, сўнгги уч йил давомида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида барча манбалар ҳисобидан 372 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бу маблағлар ҳисобига 2100 километрдан зиёд ичимлик сув тармоғи тортилган.
Шунингдек, 470 та сув қудуғи, 18 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Натижада вилоятнинг 383 минг нафар аҳолиси илк бор ичимлик суви билан таъминланган, 500 мингдан ортиқ аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. Андижон вилоятида сув таъминоти даражаси 69,1 фоиздан 81,4 фоизга етказилган.
Ҳозирда вилоят аҳолисининг 2,5 миллион нафари ёки 81,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Бир кунда истеъмолчиларга ўртача 250 минг метр куб, бир ойда эса 6,7 миллион метр куб миқдорида ичимлик суви етказиб берилади.
«Бир ойда истеъмолчилар томонидан ўртача 4 миллиард сўм миқдорида тўлов қилинмоқда», — дейди ‘Андижон вилояти сув таъминоти’ МЧЖ молия-иқтисодиёт бўлими бошлиғи Бобуржон Сатимбоев.
Бироқ 2020 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига истеъмолчиларнинг жами қарздорлиги 23,7 миллиард сўмни ташкил этади. Сўнгги ойларда Хонобод шаҳри ва Асака туманида тўлов миқдори вилоятнинг ўртача тушум даражасидан паст бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Асакада 17 минг аҳолини сув билан таъминлайдиган иншоотнинг реконструкция лойиҳаси кўриб чиқилганди. Шунингдек, Булунғурда 157 миллион сўмга қурилган сув иншооти фойдаланишга топширилгани маълум қилинганди.