Маданият вазирлиги Ғафур Ғулом боғи ҳудудида турар жойлар қурилиши ҳақидаги хабарга изоҳ берди

Маданият вазирлиги Тошкентдаги Ғафур Ғулом боғида енгил конструкцияли иншоотларни бузиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлаётган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳудуди бузилиб, ўрнига турар жой мажмуаси қурилмоқда», деган мазмундаги хабар тарқалди. Маданият вазирлиги ушбу ҳолатга ойдинлик киритди.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

«Шуни маълум қиламизки, бу — асоссиз хабар. Яъни чиндан ҳам боғ ҳудудида иш жараёни бошланган. Аммо турар жой мажмуалари қурилмаяпти, аксинча, боғда енгил конструкцияли иншоотларни бузиш ишлари олиб борилмоқда. Ишлаб чиқилган янги лойиҳага кўра, боғ ҳудудида турар жой иншоотлари қурилмайди.

Шунингдек, объект ҳудудидаги техник жиҳатдан эскирган аттракцион ҳамда ўйин қурилмаларини олиб чиқиш бўйича барча тадбиркорлар огоҳлантирилган ва ушбу талабга улар томонидан эътироз билдирилмаган.

Таъкидлаб ўтамизки, олиб борилаётган реконструкция жараёнида боғ ҳудудидаги сув ҳавзаси, дарахтлар ва бошқа ўсимликларга зиён етмаган, улар доимий равишда парвариш қилинмоқда», дейилади вазирликнинг расмий хабарида.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи 49 йиллик муддатга паркни модернизация қилиш қарор қилингани ва бу вазифа бўйича инвестиция мажбуриятлари билан «BMP Smart Decision Private Limited» (Singapur) чет эл компаниясига берилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар