Президент ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларига эътироз билдирди

Президент раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида инвестициялар ва экспортни кўпайтириш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда 1 миллион гектар ғалладан бўшайдиган майдон, 508 минг гектар аҳоли томорқаси, 260 минг гектар одамларга бўлиб берилган ерлар имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилди.

Масалан, 16 та туман умуман мева-сабзавот экспорт қилмаган. Ёки, пахта экмайдиган 28 та туманда экспорт кўрсаткичлари қониқарсиз. Ушбу туманларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва сотиш бўйича экспортчилар ҳамда деҳқонлар ўртасида кооперация тизимли йўлга қўйилмаган.

Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортига беэътибор бўлган туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги ва экспорт бўйича ўринбосарларига қатъий эътироз билдирилди.

Бу йил ҳудудий дастурлар доирасида республика бўйича озиқ-овқат йўналишида 833 миллион долларлик 528 та лойиҳани ишга тушириш режа қилинган. Лекин, 14 та туманда озиқ-овқат бўйича бирорта лойиҳа йўқлиги танқид қилинди.

Бу йили озиқ-овқат саноатида камида 100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1 миллиард доллар экспорт қилиш режа қилинган.

Лекин, озиқ-овқат йўналишидаги айрим корхоналар айланмаси учун маблағ ола олмаган, айримлари сифат бўйича рақобатга бардош беролмаган, тежамкор технология ўрнатмагани учун таннарх баланд бўлган.

Шу каби, озиқ-овқат йўналишидаги 20 та йирик корхона хом ашё етишмаслиги, маҳсулотига бозор топиш ва айланма маблағ муаммолари сабабли қувватларини ярмини ҳам ишлатаётгани йўқ.

Мутасаддилар, ҳокимлар янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, тайёр корхоналарга кўмак беришни ўйламаётгани кўрсатиб ўтилди.

Янгиликлар