Москвадаги ҳарбий мусобақа ўйинларида ўзбекистонликлар иштирокидаги баҳслар қачон ўтказилиши маълум бўлди (фото)

Москва вилояти Алабино полигонида 17 август куни «AРМИ – 2020» халқаро армия мусобақаларининг «Танк биатлони» йўналиши учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Tez News» га маълум қилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Қуръа ташлаш натижаларига кўра, биринчи гуруҳда қатнашаётган ўзбекистонлик ҳарбийлар иштирокидаги баҳслар 25, 27, 30 август кунлари бўлиб ўтади. Улар кўк рангли танкда ғолиблик учун кураш олиб боради. Қуръа ташлаш кунининг ўзида жамоалар мусобақа давомида ҳаракатланиши учун жанговар техникаларни қабул қилиб олган.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, «Танк биатлони» мусобақаси икки гуруҳда ўтказилмоқда. Биринчи гуруҳдан мусобақада бир неча йиллардан буён иштирок этиб келаётган жамоалар ўрин олган бўлса, иккинчи гуруҳдан илк маротаба «Танк биатлони» мусобақасида қатнашаётган давлатлар ҳарбий хизматчилари жой олган. Ўйинларнинг холисона ва адолатли баҳоланиши учун ҳар бир давлат вакилидан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилган. Улар орасида Ўзбекистондан вакил сифатида полковник Шокир Хаиров қатнашмоқда.

Маълумот ўрнида, ушбу халқаро армия ўйинлари дунёнинг 5 та — Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон давлатларида бўлиб ўтади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари мусобақа учун Ўзбекистонга етиб келгани ҳамда «AРМИ – 2020» халқаро армия мусобақаларининг 2 та – «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Йўл патрули» йўналиши 2020 йилнинг 23 августидан 5 сентябрига қадар Жиззах вилоятининг «Фориш» полигонида ҳамда Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.