Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари мусобақа учун Ўзбекистонга етиб келди (фото)
Фарғона халқаро аэропортида 2020 йил 15 август куни «AРМИ – 2020» мусобақасининг «Йўл патрули» йўналишида иштирок этадиган Россия ва Беларусь давлатларининг ҳарбий жамоалари кутиб олинди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Tez News» га маълум қилди.
Хабарда айтилишича, хориж давлатларининг ҳарбий жамоалари Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмга жойлаштирилган. Шундан сўнг улар учун митинг ва Россия ҳамда Беларусь давлатлари байроқларини кўтариш маросими бўлиб ўтган. Барча тадбирлар карантин қоидалари асосида ўтказилган.
Маълумот ўрнида, «AРМИ – 2020» халқаро армия мусобақаларининг 2 та – «Ҳарбий-тиббий эстафета» ва «Йўл патрули» йўналиши 2020 йилнинг 23 августидан 5 сентябрига қадар Жиззах вилоятининг «Фориш» полигонида ҳамда Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисмда ўтказилади.
Аввалроқ Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонига янги ўринбосар тайинлангани ҳамда Тошкентда ИИВ, ДХХ ва Мудофаа вазирлиги шифохоналарига бириктирилган даволаш марказлари фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берилганди.