Амирхон Умаров ютуқли ўйинда ғирромликка йўл қўйгани тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди — видео

Бошловчи Амирхон Умаров 18 январь куни «Markaziy studiya» кўрсатувида 12 январь куни ўтказилган ютуқли ўйинда ғирромликка йўл қўйгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берди.

Фото: Instagram / @amirxonoff

Қайд этилишича, бошловчига ўйин давомида дастурни тезлаштиришни, барча машиналарни 1 соат давомида тарқатиш кераклигини таъкидлашган.

«Дастур давомида менга тезлаштиришни, 1 соат ичида 17 та автомобиль топширилиши кераклиги етказиб турилди. Шунга чалғиган ҳолда 1-рақамни адашиб айтиб юбордим. Кейин уни яна қайтардим ва шу рақам эгасига қўнғироқ қилишим керак эди.

Шу пайт менга операторларимиз рақамни адаштириб юбординг дейишди. Ҳар сонияларда рақам қўлимда эди. Ундан кейин тўғри рақамни айтдим», — дейди Амирхон Умаров.

Маълум қилинишича, унга тухмат қилганлар устидан тегишли идораларга ариза билан мурожаат қилган. «Nexia» автомобили эса жиззахлик ғолибга етказиб берилган.

Аввалроқ хоразмлик блогер мазкур ҳолатнинг атайин уюштирилганини таъкидлаб, билет рақами айтилганда сонлар тартиби бошқа, кейинчалик эса бошқача бўлиб қолганини айтган. Блогер эфир пайтида Амирхон Умаровга қулоқчин орқали нимадир дейишганини қайд этиб, инсон адашганда бир марта хато рақам айтишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан продюсер ва актёр Аҳад Қаюм ҳам муносабат билдирганди. Амирхоннинг қандай ишлашини, қанча одамнинг ҳожатини чиқаришини биламиз. У болага бунинг орқасидан пиар ёки интриганинг кераги йўқ. Буни у боланинг фаолиятини кузатадиганлар жуда ҳам яхши билади», — дейди Аҳад Қаюм.

Янгиликлар